ВАТАНГА ХИЁНАТ ЭНГ ОҒИР ГУНОҲ

Ватанни эъзозлаб, садоқат билан хизмат қилганлар доимо эҳтиром билан тилга олинади. Унга хиёнат қилганлар эса хорликка учрайдилар.

Юртга муҳаббат, унга садоқат имонли кишиларнинг хислатидир. Ватанга бўлган муҳаббатнинг энг гўзал намунасини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатганлар. У зот (с.а.в) умматларини доимо она-Ватанга муҳаббатли бўлишга чорлаганлар: “(Эй Макка!) Агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим”, дейдилар.  Бутун инсоният учун ўрнак бўлган Расулуллоҳ (с.а.в) ўз юртларини севиб ардоқлаганлар.

Ватанга хиёнат энг оғир гуноҳлардан биридир. Бир неча асрлар муқаддам соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур Ватанга хиёнатни қаттиқ қоралаб, битикларида бундай ёзган: “Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”. Шундай экан, ўз она юртига, халқига хиёнат қилган одамлардан ҳеч қачон дўст чиқмайди.

Нажмиддин Кубро хазратларининг ватанга садоқати унинг учун жон берганликлари тилларда дастон бўлган. У кишига душман тараф одам юбориб сиз ва шогирдларингиз шаҳардан чиқиб кетишларингиз мумкин деганида, у киши бу таклифни рад этиб: "Ватанимнинг яхши кунларда шу ерда бўлсаму, унинг учун оғир ва ёмон кунда уни ташлаб кетаманми?" деганлар. Бу ҳаётий ҳақиқатда барчамиз учун катта ибрат, огоҳлантириш бор

“Хиёнат” сўзи луғатда бирор нарсага нисбатан зиммадаги мажбуриятни адо этмаслик, ўртадаги келишув ёки аҳдномани бузмоқлик деган маъноларда ишлатилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ватанга хиёнат деганда, инсон ўз юртига нисбатан зиммасидаги фуқаролик бурчини адо этмаслиги, унинг тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшмаслиги, аксинча тинчлигини бузишга ҳаракат қилиши тушунилади. Демак, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг зиммасида, унинг имконияти даражасида адо этиши лозим бўлган бурчлари мавжуддир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир қалбда имон билан куфр жамланмайди, ёлғон билан ростгўйлик бирга жамланмайди, хиёнат билан омонатдорлик бирга жамланмайди”, деб марҳамат қилганлар. Демак, хоин киши омонатсиз ва ишончсиздир. Омонатдор, ишончли кишилар ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар. Ундай одам ўз аҳли оиласига, фарзандларига, қавму қариндошларига, дўсту биродарларига ва табиийки, она Ватанига ҳам садоқатли, вафодордир.

Имом Мотуридий “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, дея хоинларнинг жазоси фақат ва фақат хорлик бўлишини таъкидлайди. Шу ўринда машҳур шоир Маҳтумқули хазратларининг :

Кел кўнглим сенга бир насихат қилай ,

Ватанни тарк этиб кетувчи бўлма.

Ўзингдан паст бўлган ғайри номарднинг,

Ҳизматинда қуллиқ этгучи бўлма,

деб айтган сўзларини келтиришни маъқул деб биламиз. Ватанга садоқат саодати барчамизга насиб этсин.

 

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом хатиби.

Top
Разработано с JooMix.