СОХТА ПИР ВА СЎФИЙЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Сўнгги йилларда суннийликдаги Нақшбандия ва бошқа шу каби тариқатларни аҳоли орасида шайх ва сўфийлар томонидан бузиб, тарғиб қилинаётганлиги кузатилмокда. Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, унинг таълимоти шариат ахкомлари ва ижтимоий хаётдан узоқлашган холда талқин этилмокда. Исломда бирор бир шайхга сўфи бўлиш хеч кимга шарт килинмаган. Сохта сўфийларнинг «Пири йўқнинг пири шайтон» деган хато даъвоси ҳеч қандай шаърий далилларга тўғри эмас.

 

Сўфийликни даъво килаётан шахслар оиласини ойлаб нафақасиз, болаларини тарбиясиз қолдирган ҳолда «пири»нинг хизматини қилиб юриши ва бировнинг эхсони билан кун кечириши ижтимоий иллат бўлиб, ислом таълимотига зиддир. Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Сизларнинг яхшиларингиз дунё ишини деб, охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва одамларга малоллигини тушурмайдиганингиздир», деганлар. Сохта шайхлар, илмсиз сўфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади ва уларга эргашмасликка даъват қилинади. Тариқат асосчилари ва улуғ валийлар Қуръон ва ҳадисга асосланмаган ҳар қандай тариқатни рад этади ва ботил санайди. Баъзи бир кимсалар тариқатга кирдим деб кийим бошларини, юриш-туришларини ўзгартиришади. Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишларингиз ва мол мулкларингизга эмас, балки амалларингизга қарайди», деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Тасаввуф тариқатлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак «сохта пирлар» барча даврларда ҳам мавжуд бўлган экан. Хусусан, Ҳусайн Воиз Кошифий пиру муридлик муносабатларни баён этар экан, аввало тариқат йўлида билимли устоз зарурлигини қуйидагича изоҳлайди: «Билгилки, тариқат йўлининг қароқчилари кўпдир, улар нодон ва калтафаҳмларни ҳийла-найранг донаси билан макру фириб домига тортиш пайидадурлар. Шунинг учун раҳнамо бўла оладиган, пирлик(шайхлик) шарт-шароитлари(асослари)ни яхши биладиган одамни пир деб танлаш лозим, Мавлавий Румий айтганидай «одам қиёфасидаги иблислар кўп, бас шундай экан, ҳар кимга қўл бериб бўлмайди».

Ҳозирги кунда кўплаб диний қадриятларимиз қатори тариқатчилик анъаналарини тиклашга бўлган ҳаракатларни кузатиш мумкин.  Ўзларни «пир» деб, «сохта тариқатчилик»ни тарғиб қиладиган кимсалар учрамоқда. Бирор бир диний маълумотга эга бўлмаган, диннинг назарий  асосларидан  мутлақо хабарсиз чаласавод «пир ва сўфи»лар ўзларича  янги сохта тариқатларни  эълон қилишмоқда. Хусусан, «қора саллалилар», «нурсафардия», нақшбандиянинг янги шахобчалари ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Уларнинг сохта даъволари, тарғиб этаётган расм русумлари ислом динига мутлақо зид эканлиги уламо олимларимиз  томонидан диний манбалар асосида исботлаб берилди.

Сўзимизнинг охирида шуни айтамизки, жоҳилликнинг давоси илмдур шу сабаб, аслни сохтадан, яхшини ёмондан ажратиш учун ҳам илм-маърифатли бўлишимиз ва бугунги ёш авлодларимизни ҳам илм олишга тарғиб қилмоғимиз даркор.

Мадиримов Мақсудбек.

Хазорасп тумани «Хазрати Шайх Мухаммад Амин»

 

 масжиди имом-хатиби 

Top
Разработано с JooMix.