ЮРТ ХИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧ

Тарихга назар ташланса ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши ва тараққий топиши, жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Жамиятдаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маьно ва мазмунга эга бўлади. Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарур. Чунки бу ватанга бўлган муҳаббатимизни билдиради. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: Моида сурасида яъни: «…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатга, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир «.

Демак, ҳар бир инсон бутун жамият аьзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиш энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Аксинча, ҳалқ ва миллатнинг тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солса, фитна-фасод ва бузғунчилик қилса, бундайларни Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида огоҳ қилиб шундай дейди : ”Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яҳши ва ёмонини фарқига бормаса, мўмин-мусулмонга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваьдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас” деганлар. Шунинг учун тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир инсон ўз бурчини сидқидилдан иҳлос ва эьтиқод ила бажармоғи лозимдир.

Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, айниқса ватанга бўлган муҳаббатда шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлайдилар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: яъни: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди” деганлар. Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим” деганлар.

Демак, Ватанни севиш, ватанни кўз қорачиғидек асраш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам фарзандларимизга болалигиданоқ Она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир. 14 январ ватан ҳимоячилари кунидир. Бу байрамни тинчлик, ҳотиржамлик ва осайишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда аньанага айланган. Бу байрамни кенг нишонланиши замирида теран маьно мужассам. Зеро она юртда тинчлик ва осайишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, ҳалқимиз кўнглига шоду-ҳуррамлик сиғади. Шунинг учун шу ватанда яшаётган ҳар бир фуқора шу ватанни кўз қорачигидек асраш керак.

Аллоҳ таола мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару-зобитларимизни ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин.

 

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.