ИСЛОМ ДИНИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Ислом – илму маърифатга етакловчи муқаддас дин. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган илк оятларида бундай амр қилади:

“Ўқинг ( эй Муҳаммад! Бутун борлиқни)яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир. У инсонга қалам билан(ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси 1-5 оятлар). Дунёда ислом диничалик илм ўрганишга ва уни ўргатишга катта ахамият берган дин йуқ. Демак, ислом динида илм ҳар қандай бойликдан устун келадиган бебаҳо дурдонадир. Ислом Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқ демакдир. Ислом мисоли бир қайнаб турган булоқ бўлса, илм ундан отилиб чиқаётган зилол сув зарраларидир. Кимгаки ана шу сувдан ичиш насиб қилган бўлса, дунё ва охиратда унинг даражаси баланд бўлади. Тарихдан маълумки, бизнинг бобакалонларимиз ислом дини асосида фанларни чуқур ўзлаштириб илм чўққисида баланд парвоз қилганлар. Ҳозиргача ва ҳатто қиёматгача инсониятни лол қолдирадиган даражадаги илм, фан ютуқларига эришганлар. Бугунлик кунда ҳам юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат халқимизнинг илмга бўлган қизиқишини кундан кунга ошириб инсон манфаатини юқори даражага олиб чиқишга қаратилган.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Миллий ва диний қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз – ислом динида ҳам инсон, шахс манфаати энг биринчи ўринга қўйилади. Зотан, ислом динининг нозил қилинишининг бош сабаби ҳам ва бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон манфаатини олийларга кўтариш эди. Қуръони каримнинг бир қатор ўринларида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Инсон манфаатлари ҳақида сўз юритилар экан, аввало ислом дини инсон зотига дунёдаги барча нарсалар унга беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот сифатида қарашлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир.Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ. Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, қуйидагиларни ҳам кўрсатиш мумкин: хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш; гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш каби мукаддас туйгуларни уз ичига олади. Аёллар, болалар, қариялар, касал ва дардманларни таҳқирлаш таъқиқланган. Хотин-қизларнинг номуси ва иффати ҳар қандай шароитда ҳурмат қилиниши шарт. Қорни оч қолган кишилар тўйдирилиши зарур, яланғоч қолганлар кийинтирилади ва жабр кўрган, дардга чалинган одамлар учун тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳаттоки Ислом динига алоқаси бўлмаган инсонлар ҳам бундан мустасно эмаслар.

Ислом шариати инсониятнинг шахсини тарбиялаш, келажак авлодни етиштириш, салоҳиятли уммат барпо қилиш, дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатманд бўлишни кафолатини берган ягона диндир. Бу шариат инсониятнинг барча мушкулларини, барча замонларда, барча маконларда уларнинг хилма хиллигига қарамай еча оладиган, муолажа қиладиган ягона диндир. Аллоҳ таоло Ислом дини охирги дин бўлишини ихтиёр қилди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариати эса ўзидан олдинги барча шариатларни насх — бекор қилди. Бу шариат ниҳоятда ривожланган инсонлар учун барча замон ва барча маконга мос келадиган шариатдир. Бу борада Қуръони Каримда шундай дейилади: «Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир»(«Оли Имрон» сураси, 85-оят).

Чунки инсониятни хар икки дунёда хам азизу мукаррам ва даражаси баланд, обрў – эътиборга эга бўлишига сабаб бўлгувчи нарса шак шубхасиз ислом ва илмдир. Аксинча инсонни хорлик ва таназзулга, залолатга етакловчи адашишига сабаб булгувчи нарса эса исломсизлик ва илмсизликдир. Зеро илм инсонга дунёда ҳам,вафот этганидан кейин ҳам, охиратда ҳам, манфаат етказиб туради.Аллоҳ таоло ҳаммамизга савоб ишларда бардавом бўлиб, иноқ-иттифоқ, аҳилликда ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин.

 

 

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.