Тақдир, қазои қадар хақида нималарни биламиз?!

Сиз-у бизни яратган оламларнинг роббиси бўлган Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолидан тортиб, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларгача билади.

У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

“Ахлуссунна вал-жамоа” хар бир яхшилик ва ёмонлик Аллох таолонинг казоси (хукми) ва кадари (ўлчови) билан бўлишига, Аллох таоло хохлаган нарсасини килувчи, барча нарса Аллох таолонинг хохиши билан бўлиб, унинг хохиш даражасидан ташкари бўлмаслигига, Аллох таоло бўлган ва бўладиган барча нарсаларни бўлишидан аввал азалда билган экани, ўзининг аввалдан билиши ва хикмати такозо этганидек барча нарсаларни такдирлаб кўйгани, бандаларининг ахволи, ризки, ажали, амаллари ва уларнинг бошка нарсаларини билишига, барча нарса Аллох таолонинг илми, кудрати ва иродасидан содир бўлгани, хуллас, абадга кадар бўладиган барча нарса Аллох таолонинг илми ўтган (яъни, Аллох бир нарсанинг бўлишидан аввал унинг кандай бўлишини билиши) ва калам ёзган нарсалар эканига катъий эътикод киладилар. Аллох таоло деди: “(Бу) илгари ўтган (пайгамбарлар) хақидаги Аллохнинг йўли — конунидир. Аллохнинг амри такдир — белгиланган микдор бўлди ” (Ахзоб: 38). “Биз барча нарсани ўлчов билан яратдик” (Камар: 49).

Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: “ Банда такдирнинг яхши ва ёмони Аллохдан эканига иймон келтирмагунича ва ўзига етган нарса хато килмаслигини, хато килгани эса етмаслигини билмагунига кадар комил мўъмин бўла олмайди”. (Шайх Албоний: “Сахиху Сунанит-Термизий”).

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини ва махлуқотларга боғлиқ нарсаларни авваддан билишига иймон келтириши вожиб бўлади. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда Аллоҳ таолони тўғри маърифат асосида камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.

Ана шу сифатлардан бири Аллоҳнинг илми, унинг чегарасизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар бу нарсаларни билмаса, У Зотнинг сифати камолиясига нуқсон етган бўлади. Ана шу илоҳий илм «қазои қадар» деб аталади. Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ. Балки Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.

Уламоларимиз бу тушунчани осон фаҳмлаш учун қуйидаги мисолни келтирадилар: Кайфиятингиз ёмон бўлиб турган пайтда ойнага қарадингиз. Аксингизни қовоғингиз солиқ, пешонангиз тиришган, аччиғингиз чиққан ҳолда кўрдингиз. Ана шунда ойнадан ўпкалашга ҳаққингиз борми? Бу ойна менга жабр қилди, мени ёмон кайфиятга туширди, дея оласизми?

Албатта, йўқ. Ойна сиздаги бор нарсани ўзингизга кўрсатди, холос. Қовоғингизнинг солинишига, пешонангизнинг тиришишига ва аччиғингиз чиқишига унинг ҳеч қандай дахли йўқ. Қазои қадар ҳам шундай! У Аллоҳнинг ўз азалий илми билан бандаларнинг ишини билиши, холос.

Ўтган уламоларимиздан ал-Хаттобий қуйидагиларни айтадилар: «Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб тушунадилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир».

Шу ерда «Илмга боғлиқ бўлса, тушунарли, аммо ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўлади-ку. У ҳолда бандага нима қолади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм — дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онанинг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча хусусиятлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан сўралмайди ҳам.

Мисол учун, ҳеч ким уни «Нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган?» деб сўроқ қилмайди. Шунингдек, «Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?» ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб.

Иккинчи қисм инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқдир. Буларга инсоннинг даҳли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хохиши, ихтиёри ва харакати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда. Ҳудди шу турдаги ишларни қандоқ баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган. Кейинчалик мусулмонларнинг ичидан ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтганлар чиққан.

Ушбу ихтилофлар қилган йўналиш вакиллари залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган — яратган нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу инсон ҳамма ишни мажбур бўлиб қилади, дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади.

Биринчиси — уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар.

Иккинчиси — инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши. Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни, ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.

Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота”

масжиди ходими

Р. Рахимов

Top
Разработано с JooMix.