АБУ БАКР АЛ-ХОРАЗМИЙ БУЮК АЛЛОМА

Мустақиллик йилларида республикамизда маданий мерос, ўтмиш алломалар ижодини ўрганиш, миллий қадриятларни тиклашга катта эътибор берилмоқда.

Халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий, тарихий, маданий ва илмий ҳаётини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун қулай имкониятлар яратилди. Авваллари ўрганишга имконияти бўлмаган, асарлари тадқиқ этилмаган алломалар ҳаёти ва ижоди ўрганила бошланди.

Ўзбекистон ислом маданияти бўйича ёзма обидалар хазинаси саналади. Ўзбек халқининг бу бебаҳо маданий мероси, маданият ва маънавиятнинг ривожланиш тарихини акс эттиради. Бу тарихий жараёнларда Ўзбекистон ҳамда унинг етакчи маданий марказлар сифатида бутун мусулмон оламида машҳур бўлган Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши), Термиз, Хива, Шош ва бошқа шаҳарлари алоҳида ўрин тутади. Бу муқаддас заминдан бутун дунёга жаҳон цвилизацияси ва ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан.

Жаҳон фани ва маданиятининг яратилишида кўҳна Хоразмнинг ҳам улкан улуши бор. Ўрта асрларда ушбу ҳудуддан кўплаб алломаларнинг етишиб чиққанлиги, ҳамда бир неча илмий мактаб, марказ ва академияларнинг фаолият юритганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Асрлар давомида бу ерда туғилиб, тарбия топган алломалар ўз замонасининг турли илмий соҳаларида ижод қилиб, ўша давр илм-фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшдилар. Айниқса, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва калом илми каби диний билимлар ниҳоятда тараққий этди. Ана шундай алломалардан бири X асрда яшаб ижод этган Хоразмлик буюк олим, ўз замонасининг даҳоси Абу Бакр ал-Хоразмийдир.

Абу Бакр ал-Хоразмий ўз даврининг таниқли шоири ва адибларидан бўлган. Бу ҳақда Абу Мансур Саолибий шундай ёзади: «Абу Бакр Хоразмий замонасининг энг даҳоси, адаб денгизи, наср ва назмнинг туғи, фазл ва идрок соҳиби бўлган. Араблар тарихи, жанглар ва девонларини чуқур билган ва ҳар қандай бўлимидан ва дурларидан мисол келтира оладиган даражада етук олим бўлган. Унинг рисолалар девони (Ар-Расоил) жилдларга ажратилиб кенг тарқалган» [1].

Хоразмий луғат ва шеър ёдлашда ўз замонасининг яктоси бўлган. Бир ривоятга кўра, Абу Бакр ал-Хоразмий Исфаҳонга ас-Соҳиб ибн Аббод ҳузурига боради ва кириш учун изн сўрайди. Шунда ас-Соҳиб ясовулларига агар араб шеъриятидан йигирма минг байт ёддан айтиб берсагина рухсат беришини айтади. Бунга жавобан шоир аёл шоирларнинг шеърлариданми ёки эркак шоирларникиданми деб сўрайди. Буни ас-Соҳибга етказишганда, у Абу Бакр келибди, деб ўзи пешвоз чиқиб кутиб олган экан» [2].

Дарҳақиқат, алломанинг ижод намуналари, унингшеърият илмида ҳақиқий қобилият эгаси бўлганлигини кўрсатади. У араб адабиёти, грамматикаси ҳамда тилшунослиги бўйича чуқур билимга эга бўлган.

Манбаларда унинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмий деб келтирилади. У Абу Бакр куняси билан машҳур бўлган. Абу Бакр ал-Хоразмий «Табархазий» нисбаси билан ҳам аталган. Чунки, у Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийни опасининг ўғли бўлган [3].

Абу Мансур ас-Саолибийнинг «Ятимат ад-даҳр» номли асарида Абу Бакр ал-Хоразмийни асли табаристонлик, туғилиб ўсган жойи Хоразм деб кўрсатилган [4].

Абу Бакр ал-Хоразмий ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш натижасида маълум бўлдики, у дастлабки таълимни она шаҳри Хоразмда эгаллаб, сўнгра илм олиш мақсадида бошқа ўлкаларга сафар қилган. Дастлаб, Сижистонга, кейин Дамашққа борган. Бир муддат Дамашқда яшаб, Халабга йўл олган. Бу ерда машҳур Ҳамдамийлар амири Абулҳасан Сайфуддавла (944-967) билан танишган, унинг саройида ҳизмат қилиб, сўнгра Бухорога қайтиб келган. Кейинчалик Нишопурга кўчиб бориб, у ерда таниқли шоирлар Абулҳасан ал-Қазвиний, Абу Мансур ал-Бағавий ва Абулҳасан ал-Хакамийлар билан дўстлашган. Манбаларда ёзилишича, Хоразмий Ироқ ва Шом олимларидан илм олган.

Абу Бакр ал-Хоразмий Нишопурда яшаган вақтида Абу Мансур ас-Саолибий билан танишади. Саолибий ўзининг «Йатимат ад-даҳр» номли асарида Хоразмийга юксак баҳо бериб, уни муншид сифатида кўрсатади. Хоразмий вафотидан бир йил аввал Нишопурга кўчиб келган ва ҳиж. 383, милодий 993 санада ўша ерда вафот этган [5].

Абу Бакр ал-Хоразмий нафақат етук адиб, балки ўз даврининг қомусий олими сифатида ҳам шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир. Аллома илм-фаннинг турли соҳаларида қалам тебратган ва ўз даврида машҳур бўлган қатор асарлар яратган. Манбаларда Хоразмийнинг «Девон аш-шиър» («Шеърлар девони»), «Мажмуъа ар-расоил» («Мактублар тўплами») ва «Расм ал-маъмур мин ал-Билад» («Обод диёрнинг чизмаси») каби асарлар ёзганлиги таъкидланади.

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг «Мажмуъа ар-расоил» (Мактублар тўплами) асари машҳур бўлиб, қайд этилишича, ушбу асар X аср насрий адабиётининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. Унда Хоразмийнинг дўстлари ва ҳомийлари, яъни шоир замонасидаги машҳур кишилар, амир, вазир, лашкарбоши, қози, амалдор, фақиҳларга, адиб ва тилшунос олимларга, ёзган хатлари жамланган. Рисолалар мазмуни турли байрамлар, юқори мартабаларга кўтарилиш ва бирор муваффақиятни қўлга киритиш, ўлим, мансабдан четлашиш, касаллик ёки уруш хавфи каби муносабатлар билан табрик ёки қайғу изҳор этиб, тасалли бериш, тухфалар учун ташаккурга бағишланган.

Алломанинг илмий маънавий меросида машҳур асари «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» («Илмларга фойдали ва ташвишларни кетказувчи» китоб) нинг аҳамияти катта. Алломанинг мазкур асари илк маротаба 1903 йилда Саид Муҳаммад Хошим ҳомийлигида Дамашқда чоп этилган. Кейинчалик 1909 йилда Мисрда, 1911 йилда такроран Мисрда нашр этилган.

Асар ўз даврининг энциклопедик манбаси нуфузига эга бўлган. Бу ҳақда асар муқаддимасида муаллифнинг ўзи: «Ушбу китобни турли диний ҳамда дунёвий масалаларда кишиларга фойдали бўлиши учун ёздим ва уни «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» дея номладим»4, деб ёзади.

Асардаги маълумотлар турли мавзуларга қаратилган бўлиб, улар муаллиф томонидан жуда аниқлик билан ифодаланган. Масалан, ислом динининг асосий беш аркони, тавҳид ва унинг моҳияти, олам ва инсоннинг яратилиши, нубувват ва унинг шартлари, турли диний-ахлоқий қоидалар, эсхотология масалалари, адашган диний фирқаларга раддиялар, инсондаги турли салбий иллатларнинг оқибатлари ва уларни муолажа қилиш усуллари, шунингдек, географик маълумотлар, ўлкашунослик масалалари, давлатни бошқариш сирлари ва бошқа шу каби масалаларни ўз ичига олади. Хоразмий асардаги мавзуларни ёритишда шеърий қофиялардан ҳам фойдаланади.

Хоразмий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо бериб, у ҳақида қимматли маълумотларни келтирганлар. Аллома ижодининг аксарият қисми илм-фан, одоб-ахлоқ, адолат, ҳиммат, дўстлик каби муҳим ижтимоий масалаларга бағишланган бўлиб, уларда қўлланилган иборалар халқ ҳикматига айланиб кетган. Ватандошимизнинг асарларида ёритган ҳаётий-фалсафий, маънавий-маърифий фикрларини ўрганиш ва уни замонавий руҳда ривожлантириш бугунги кун ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга.

 

Э. Қутлиев

Хонка тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

 

[1] СаолибийА.М. Йатиматад-даҳрфимаҳосинаҳлал-аср. –Тадқиққилувчи, таржимон, изоҳвакўрсаткичларнитузувчиАбдуллаеаИ., -Тошкент.:Фан, 1976. -Б236.

[2] Самьоний. Ал-Ансоб. V жилдли. Абдуллоҳ Умар ал-Борудий таҳрири остида. – Байрут.: Дор ал-фикр, 1419/1998. Ж.2.-Б.156.

[3] Саад А. Ўрта Осиё олимлари қомуси. З.Мунавваров тахрири остида. –Тошкент.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. –Б.151.

[4] СаолибийА.М. Йатиматад-даҳрфимаҳосинаҳлал-аср. –Тадқиққилувчи, таржимон, изоҳвакўрсаткичларнитузувчиАбдуллаеаИ., -Тошкент.:Фан, 1976. –Б.236.

[5] СаолибийА.М. Ўшаасар. –Б.246.

Top
Разработано с JooMix.