ЛОҚАЙДЛИК ИЛЛАТИ НИМА

Бугунги кунда кўзга кўринмайдиган инсон учун нихоятда хатарли бўлган маънавий тахдидлардан яна бири бепарволик ва лоқайдликдир.

Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Биргина мисол, Юртимиз гўшаларидан оқиб ўтаётган зилол сувлар ифлосланиб кетаётгани лоқайдлик, бепарволик оқибати эканлиги кундай равшан. Лўқмони Хакимдан сўрадилар: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?” у киши айтдилар: “Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир”

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Лоқайдлик бу – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига даҳлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Бу шунинг учун керакки, лоқайдликнинг маъно мазмуни на муқаддас динимиз моҳиятига, на бошқа тараққиёт қонунларига тўғри келади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, боқибеғамлик ва бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир. Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.

Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва хушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, — деб таъкидлайди.

АБДУЛЛА АВЛОНИЙ

Ғафлат аро хуш кўрибон хуш дема,
Вақиф ўлиб, сўнгра пушаймон ема.

Шунинг учун фарзандларимиз тарбиясида, маҳаллаларимиз, юртимиз ободлиги ва кўркамлигида, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатишда доимо ҳушёр ва жонкуяр бўлайлик. Ахир миллатимизга хос мардлик, саховатпешалик, ҳамдардлик хислатлари бизнинг вужудимизга, қон-қонимизга сингиб кетган-ку. Зеро, виждон поклиги ва бедорлиги биз мусулмонларга буюк аждодларимиздан меросдир

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

“Ким дунёда бир мўминнинг дунё ғамларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ҳам ундан қиёмат ғамларини енгиллаштиради. Ким қийинчиликда қолган биродарини осонликка чиқарса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда осонликка чиқаради. Агар банда биродарига ёрдам берса, Аллоҳ таоло ҳам бандасининг ёрдамида бўлади” (Муслим ва Бухорий).

Лоқайдлик биргина оиланигини эмас, бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардандир. Лоқайдлик ҳар қандай фаровон ва аҳил жамиятни ҳам ҳалокатга элтувчи, парокандаликка дучор этувчи хавфли иллатдир. Бундан халос бўлиш учун эса динимиз одамларга эзгулик улашиш, меҳр-шафқат кўрсатиш, ҳаммага бирдай яхшилик қилиш, дин ва халқ манфаатини ўз манфаатларидан устун қўйишга буюрган. Буни бирор лаҳза бўлса ҳам эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ!

 

А.Матяқубов

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.