ЛОҚАЙДЛИК ЁМОН ИЛЛАТ

Ҳар бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан экан, ўша юртда тарққиёт бўлади.

Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган даврига назар ташласак, юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бўлмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона келтириш ва уларнинг қадрига етиш керак .

Яъни, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, — деганлар.

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.

Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Қуръони каримда “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро,83), — деб қайд этилганини фикримизнинг исботи бўла олади

Мавжуд тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етмаслик, тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга лоқайдлик, бепарволик билан қараш берилган ушбу бебаҳо неъматга нисбатан улкан ношукрликдир.

Бизнинг динимиз муқаддас Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга, бепарво ва лоқайд бўлмасликка чорлашдир.

Ҳар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ олдида масъулдир. Динимизда барча халқларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган ўзбошимчалик хатти-ҳаракатлари ҳамда террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик ва фасод амал саналади. Бу амаллар эса Қуръони каримда мунофиқларнинг амали сифатида баҳоланади: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна­ фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчилик) ёқтирмайди” (Бақара, 205).

Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик ва ҳушёрлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, бепарволик ва лоқайдлик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади.

Бугунги кунда дунёда бўлаётган хунрезликлар, вайронкорликлар, ноҳақдан бир-бирларига озор бериб қон тўкишлар ислом дини ниқоби остида бўлаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу жанжаллар, беайб тўкилаётган қонлар бизнинг тинч-осуда кечаётган диёримизга кириб келмайди, деб ҳеч ким айта олмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон фарзанди, ҳар бир фуқаро шу уруш-жанжал бизгача етиб келмаслиги учун ўзида ватан ҳисси масъулиятини пайдо қилиши керак. Чунки айрим фарзандларимиз ҳалиям тўғри йўлни топа олмасдан ўз ватанига хиёнат қилиб, адашиб, сарсон бўлиб юришибди ва баъзиси шу қора доғ билан ўлиб кетди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Қайсики бир мусулмон ёмон, мункар (қайтарилган) ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, қўли билан қайтара олмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам қайтара олмаса, ҳеч бўлмаса кўнглида шу ишни ёмон кўрсин, ўша ёмон кўришлиги имонини заифлигидан дарак беради”, Хўш, бугун мусулмон фарзанди ушбу ҳадиси шарифга қанчалик амал қилаяпти. Баъзи дўсту биродарларимиз, қариндош – уруғларимиз адашиб кетаётганини кўра била туриб, биз нега жиммиз?! Нега, уларни оқибати бехайр, нотўғри йўллардан олиб қола олмаяпмиз. Ҳамма саволларнинг жавоби лўнда қилиб айтганда, лоқайдлик ва бепарволикдир. Лоқайдлик жамиятдаги бир иллат ҳисобланади. Агар бир мевага қурт тушса, тез орада чирик тушган жойи кесиб олиб ташланмаса, меванинг ҳамма жойини эгаллайди. Шуни яхши билишимиз керакки, бугун биз лоқайд, бепарво бўладиган бўлсак, бу иллат бутун танамизга ёйилади, танамиздан бошқаларга ўтади, охир-оқибати хунук бўлади. Бугун юрт тинчлиги йўлида ҳар бир инсон курашмоғи керак. Бизнинг вазифамиз шу юртни обод қилиш, фарзандларимизга нурли келажак яратиб беришдир

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, бизни саводсизга чиқарганларнинг аждодлари оёғига латта боғлаб юрганида, бизнинг боболаримиз юлдуз санаганлар! Ҳақиқатан ҳам, бугун ота-боболаримиздан қолган илму-фан, китобу-битиклардан мерос қолган илмлардан фойдаланиб, миллий маърифат ва маънавиятимизни тушуниб, унга амал қиладиган бўлсак, албатта, биздан ҳам дунёда ибрат бўладиган олимлар, фозиллар етишиб чиқади. Тинч-осуда ўтаётган ҳар бир кунимизга шукур қилиб, Аллоҳга ҳамд айтамиз. Илоҳим, юртимизнинг ободлиги бунданда зиёда бўлсин!

 

 

Х. Адамбоев

Янгибозор тумани бош имом хатиби

Top
Разработано с JooMix.