ИСЛОМ ДИНИДА НИКОҲ ВА ОИЛА

             

«Никоҳ» сўзи араб тилида «уйланиш», «қўшилиш», деган маъноларни англатади. Шариат истилоҳида эса, никоҳ эркак билан аёлнинг ўзаро оила бўлиб яшашга келишувидир. Оила қуриш жамиятдаги ҳар бир балоғатга етган инсоннинг ихтиёрий ҳуқуқларидан биридир. Дунёдаги барча динларда оила масаласи, унинг тинч-тотувлиги ҳамда мустаҳкамлигига алоҳида эътибор берилганини кўриш мумкин.

Ислом динининг муқаддас манбалари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда оила муқаддаслиги, никоҳланишга бўлган кўплаб чақирувлар учрайди. Динимизда оила қуришга Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг тутган йўли сифатида қаралади. Жумладан, Қуръони каримнинг «Раъд» сураси 38-оятида: «Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз», деб марҳамат қилинади. Ушбу оятнинг тафсирида айтилади: Ислом дини келган вақтда баъзи инсонлар: «Бу қандай пайғамбар бўлдики, овқатланса, оила қурса?» деб Расулуллоҳга (алайҳиссалом) даъволар қилишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани тушириб, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам оддий башар фарзанди экани, у ҳам ўзидан олдин келган пайғамбарлар сингари уйланиши, кўпайиши оддий ҳол эканини билдирди. Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) ривоят қилинган ҳадисда: «Тўрт нарса пайғамбарларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ҳамда никоҳ», дедилар.

Ислом тарихидан маълумки, баъзи саҳобийлар батамом ибодат билан машғул бўлиш мақсадида ҳар доим рўзадор бўлиб юриш, кечалари ухламаслик ҳамда уйланмасликка Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) изн сўраганлари ҳақида ривоятлар келган. Шунда Набийнинг (алайҳиссалом) ғазаблари келиб: «Аллоҳга қасамки, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза тутаман ва рўза тутмаган куним ҳам бўлади, кечанинг бир қисмида намоз ўқийман ва қолганида ухлайман ҳамда никоҳ ҳам қураман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар.

Айни пайтда, ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанчалик чақирилган бўлса, уни бузилишидан шунчалик қайтарилган. Иқтисодий етишмовчилик, ғийбат, туҳмат, турли гап-сўзлар сабаб юзага келувчи оилавий келишмовчилик, сабрсизлик, енгил ҳаёт иштиёқида никоҳни бузиш ёки бировнинг оиласи тинчлигига раҳна солиш исломда қаттиқ қораланган. Бу борада ҳадиси шарифларда: «Ким бировнинг ёки ўз ходимининг оиласида можаро ва низо чиқишига сабабчи бўлса, у ислом аҳлидан эмас», дейилган.

Х. Кенжаев

Урганч шахар бош имом -хатиби

Top
Разработано с JooMix.