ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДАДИР

Муборак ҳадиси шарифда “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деб бежиз айтилмаган. Она сўзи нақадар мўътабар ва муқаддас. Онани кўпинча Ер шарига қиёслаб, Она Ер дейишади. Чунки Ер жамики борлиқни – одамзод, ҳайвонот ва наботот оламини ўз бағрига олади. Уларни озиқлантиради, улғайтиради.

Худди шундай она ҳам ўз фарзандини бағрида озиқлантиради, улғайтиради ва тарбиялайди. Бир бола токи улғайгунича оналар қанча азоб-уқубат чекади. Ана шу азоб-уқубатлари жараёнида улар муқаддас ва мушарраф бўлиб боради

“Она” сўзи ўзбек лаҳжаларида “Ойи” , “Опа” , “Ая”, сўзлари билан ҳам ифодаланади. Ўйлаб қарасангиз, хамма замонларда инсониятнинг эҳтиромига сазовор бўлган муҳтарам ва мўътабар зот-бу онадир. У оила бошлиғининг вазири, фарзандларига ғамхўр ва меҳрибондир.

Она оила муқаддаслигини сақловчи, унинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий муҳитини бунёд этувчи, шакллантирувчи мукаррам зот сифатида таърифланади.

 Онанинг буюк хизмати шундаки, у Яратганнинг қудрати билан туғилиш даражасигача ўз раҳмида кўтариб, танасида ўзи қатори озиқлантиради ва дунёга келтиради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва қийналиб туққандир. Унга хомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир…  (Ахқоф, 15)

Она чақалоқни парваришлаш даврида ўзига қараганда ҳам кўпроқ ва куч талаб қилиши барчамизга маълум. Бу парвариш даврида она томонидан фарзанд учун чинакам инсоний фазилат-меҳр-шавқат, инсонпарварлик, келажакка ишонч каби фидоийлик кўрсатилади. Дунёда онадан бошқа бирон-бир мавжудот инсоннинг дунёга келиши, камол топиши учун бу каби меҳнат, меҳр-шавқат кўрсата олмайди.

Бежизга ҳадисларда “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб айтилмаган. Кўпинча, она ўз оромидан воз кечиб, фарзандининг роҳат-фароғатини ўйлайди. Инсондаги меҳр туйғуси, муруват чашмаси, ахлоқ одоб фазилатлари фарзандга она тамонидан ўтишини диний ва дунёвий фанлар ҳам тасдиқлайди. Инсонийлик фазилатларининг болага ўтиши хомила даврида, туғилгандан кейин ҳам она бағрида ардоқланиши билан изоҳланади. Бу яратганнинг инсон фарзандига берган бебаҳо иноми десак, адашмаймиз. Бир сўз билан айтганда, она хаққига дунёда қанча мақтов бўлса, унга қанча хизмат қилинса, шунча оздир.

Бу муқаддас бурч бобида  Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз айтган байтларини яна бир карра эслаш жоиз:

 

 

Бошни фидо айла Ато қошига,

Жисмни қил сатқа Ано бошига.

Туну-кунунгга айлагали нур фош,

Бирисин ой айла, бирисин қуёш.

 

 

М.Мадримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” жомеъ масжиди имом Хатиби

Top
Разработано с JooMix.