РАЗОЛАТ БОТҚОҒИГА БОТМАЙЛИК

Разолат ботқоғинининг ҳар-хил йўналишларини кўришлигимиз мумкин. Шулардан биринчиси оқимлардир.Минтақадаги низолар ҳозирда диний экстремизм ва халқаро терроризм дунё мамлакатлари учун нафақат ташқи, балки ички хавфсизликка дахлдор масалага айланди. Сабабким,  диний экстремистик ва халқаро террорчилик ташкилотлари жангарилик усуллари билан ҳокимият учун курашувчи гуруҳларни шакллантириш, уларни ҳар тамонлама қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантиришга уринмоқдалар. Уларнинг ортида манфаатпараст “учинчи кучлар”  турганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур ёвуз кучларнинг бош қуроли – асосий воситаси халқаро тармоғи бўлиб қолмоқда. “Ахборот асри” деб аталаётган замонизда халқаро интернет тармоғини беҳудага “Ўргимчак тўри” дейишмайди. Негаки, бу восита орқали дунёнинг қай бурчагида содир бўлган ҳодиса бирор сония ичида барча мамлакатларга тарқалади. Интернетнинг қулай ва тезкор ахборот воситаси эканлигидан айрим шахслар ғоят устамонлик билан фойдаланишмоқда. Интернет экстремистик тўдалар бош ғоявий қурол воситасини беминнат ўтамоқда. Биз чин маънода таҳликали деб атаётган замонимизда интернет тармоғи орқали тарқалаётган ғаразли маълумотлар, вайронкор ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган, ҳар нарсага ишонувчан ёшларни ўз домига беихтиёр тортаётгани ачинарли ҳол.

Компютерда ёки оддийгина қўл телефонида интернетнинг бирорта ижтимоий  тармоғига кирган ўсмир минг чақирим узоқда туриб турли ёлғонлар, бўҳтонлар орқали ўзини алдашаётгани, аврашаётганини дархол англай олмайди. Балки, интернетдаги жозиба кучи уни ўзига аста –секин  маҳлиё қила боради. Ёлғон ахборот ортидан тинмай оқиб келаётган галдаги ёлғонлар унинг мурғак дунёқарашини емира  боради.  Ёвуз кучлар, айниқса, муқаддас динимизнинг арконларини  бузиб талқин қилиш орқали ўз ниятларига етишишни кўзлайдилар.  Улар ёшларни ўз сафларига  алдаб чақиришда Қуръони каримда нозил бўлган бир қатор оятлардаги айрим сўзларни – шариатимиздаги ахкомларни ўзларига маъқул келган йўсин  ва усулда  шарҳлашади. Шу таҳлит “жиход”, “хижрат” каби исломий тушунчалар  тамомила бошқача мазмун ва моҳият ташийдиган кучга айланади.

Аллоҳ таоло муқаддас китобида:  “Эй, инсон! Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!  Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида ҳар бир инсон масьул бўлур жавоб берур”(Исро сураси 36-оят) деб буюрган.

            Иккинчисига мисол тариқасида Зинони келтиришлигимиз мумкин. Чунки зино ҳам ахлоқий разолатнинг бир турига киради.

Зинони кўпчилик фақат номаҳрам эркак ва аёлнинг жинсий алоқаси сифатида тушинади. Аммо чуқурроқ мушоҳада қилиб кўргудек бўлсак, зинога сабаб бўлиши ва уни амалга оширишда кўз, қулоқ, тил каби аъзолар ҳам иштирок этишини англашимиз мумкин. Булар асосан ушбу нарсаларда юзага чиқади:

Кўз орқали ишвакор, ҳарисманд ва шаҳват ҳисси билан назар ташлаш.

Дунёга устозлик қилган аждодларимиз ҳақиқий эр кишининг номаҳрам, бегона аёлга кўз тикишини номардлик деб билганлар. Зеро, зино кўзлардан бошланиб, бошқа аъзоларнинг қўшилиши билан кучайиши барчага аён.

Қулоқ орқали беҳаё суҳбатларга қулоқ тутиш.

Баъзи ғарб мамлакатларида «телефон орқали жинсий мулоқот» хизматлари кенг кўламда фаолият кўрсатаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Демак, балоғат ёшидаги фарзандларимизни телефон гўшагига боғлаб қўювчи зарарли омиллар ҳам борлигидан огоҳ бўлишимиз ва уларни “оммавий маданият” нинг салбий оқибатларидан сақлашимиз керак.

Тил орқали беҳаё сўзлар сўзлаш, турли луқмалар ва қочириқлар қилиш.

Номаҳрам аёлнинг «бошини айлантириш» ҳам тил орқали зинога олиб борувчи амал ҳисобланади. Афсуски, энг гўзал лафзлар учун яратилган
аъзо – тилни ғарбга тақлидомуз тарзда жирканч вазифалар учун қўллаётганлар ҳам йўқ эмас.

Демак зинога олиб борувчи шаҳват ҳисси билан бегоналарга назар солиш, беҳаё суҳбатларга қулоқ солиш, беҳаё сўзлар сўзлаш, турли луқма ва қочириқлар қилиш каби маънавий бузуқликлардан ўсиб келаётган фарзандларимизни огоҳ этиб борсак уларни зино деган иллатдан йироқ қилган бўламиз.

Зино иллатидан фақат зино қилувчилар зарар кўрибгина қолмасдан, уларнинг бу жирканч ишларини оила ва жамиятга ҳам улкан салбий таъсири бор. Чунки зинокор ота‑оналарнинг қилиб юрган ишлари бегуноҳ фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса оиланинг файзи йўқолиб, унинг ўрнини жанжал эгаллайди.

Зино сабабли оилалар бузилиб кетгудай бўлса, фарзандлар етимлик азобини тортади. Баъзан эса бу мурғак қалб эгаларининг қалби синиб, ҳаётда ўз қизиқиш ва рағбатлари ўрнини нафрат эгаллайди.

Зино ҳозирги кунда қанчалик ривожланаётган бўлса, шунчалик катта хатар туғдирмоқда. Бунга зино туфайли пайдо бўладиган ва оқибати ўлим билан тугайдиган ХХI аср вабоси номини олган касаллик (ОИТС) ни мисол қилишимиз мумкин.

Соҳа мутаҳассислари таъкидлаётганларидек мазкур бедаво дарднинг жинсий йўл (зино) орқали юқишини эътиборга олганда бу иллатдан, унга олиб борувчи амаллардан ўзимизни ва ўзгалларни ҳам сақламоғимиз керак. Чунки юрт соғлиги – эл бойлиги деб бежизга айтилмаган.

Мамлакатимизнинг истиқболи, фарзандларимизнинг келажаги, дунё ва охиратимизнинг ободлиги ўз қўлимизда экан. Бунинг учун ота боболаримиз минг йиллардан амал қилиб келган маънавий қадриятларимизни ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Ёшларимизни зино деган иллатнинг дунё ва охиратдаги зарарларидан огоҳ этиб, уларга тўғри йўлни кўрсатмоғимиз лозим. Уларнинг ҳар бир дақиқаларини фойдали илм ва ҳунар билан таъминлаш зарур. Шундагина мамлакатимизнинг ривожи, нуфузи бунданда баланд, мавқеи доимо юқори бўлаверади.

                                                                                                                                                                                 Х.Бўронов

Янгибозор тумани “Шайх Абдуллаи боғдоджон бобо” масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.