АХЛОҚ ЖАМИЯТ ҲОДИСАСИДИР

Чиройли хулқ инсоннинг жуда ноёб фазилатларидан бири ҳисобланади. Ҳалимлик хислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззати ва даражаси етук ва мукаммал бўлади. Ибн Аббосдан (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ  с.а.в.  Ашаж Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. Улар ҳусни хулқ ва ҳалимлик, босиқликдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Шунингдек, Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ  (с.а.в): «Сизларга дўзах ҳаром кишини ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозеъли ва мулойим кишидир», дедилар.    (Имом Термизий ривояти). Бу хислат “мулойимлик билан илон чиқар инидан”, “Камтарга камол, манманга завол” каби халқимиз мақолларида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, халқимиз шоирларидан бири камтарлик тўғрисида чиройли ташбеҳ қилиб хокисорлик ҳақида шеър битганлар:

Гарчи мағрур турса-да чойнак,

Пиёлага эгар бошини.

Бас, шундай экан манманлик нечун,

Кибр-ҳаво нимага керак.

Камтарин бўл ҳатто бир қадам,

Ўтма ғурур остонасидан.

Шунинг чун пиёлани инсон

Ўпар доим пешонасидан.

Биз ҳар доим қандай мартабага эга бўлмайлик, бизларни Аллоҳ таоло мақомга кўтариб қўйган бўлмасин, биз умматлар учун Расуллуллоҳ (с.а.в)нинг чиройли насиҳатлари қулоғимиздан кетмаслиги лозим, чунки, у Зот  шундай марҳамат қилганлар: “Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ таоло уни пасайтирур”.

Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз (с.а.в) Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: Кибриё – (ҳамма нарсадан устун бўлишлик) кўйлагимдир ва Азамат – (ҳамма нарсадан кўра улуғ бўлиш) изоримдир. Бас, кимики мана шу иккала сифатимдан бирида мен билан талашса, уни дўзахга улоқтираман”.

 Парвардигори олам бизларга Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига тарбия бериб айтган насиҳатини келтириб,  шундай марҳамат қилади: “Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта бу ишлар азму қарор билан адо этиладиган ишлардандир.Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки, Аллоҳ таоло кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир”.      (Луқмон, 17-18)

Албатта, ушбу оятда келган насиҳатлар ҳар бир ўсиб келаётган ёшлар учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Ана шунда биз илоҳий ҳикматни англаб етган бўламиз. Чунки, Жарир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ  (с.а.в): «Кимки мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди», деганлар.  (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в):“Мен учун энг севимли ва менга қиёмат кунида мақом жиҳатидан энг яқин зот кимлигини айтайми?”, деб уч маротаба сўрадилар. Саҳобалар, айтинг ҳа, Ё Расулуллоҳ, дедилар. “Хулқи яхшиларингиз ва ҳалимларингиздир”, деб башорат бердилар.

“Бир куни ҳазрати Умар р.а. бозорга чиқдилар. Бозордан бир қоп пиёз сотиб олибдилар-да, ўша бир қопни елкаларига олиб кетаверибдилар. Ўша пайтнинг подшоҳи, амирул муъминийнбир қопни пиёзни елкаларига олиб кетмоқдалар. Сотувчи дарҳол қопга ёпишиб: “Эй амирал мўминийн, қопни менга беринг, сиз қопни кўтаришлигингиз уят бўлади. Менга беринг”, деди. ҳазрати Умар р.а. дедилар: “Бу қопни кўтаришликда бир нечта хислат бор: Аввало, ўзим учун, оилам учун хизмат қилаяпман. Ким ўз юкини ўзи кўтарса, кибрдан холий бўлибди.

Иккинчидан, мен ўзим кўтариб биламан. Ҳожати йўқ яна бир кишини орқамдан эргаштиришим, чунки унинг ҳам ўзига яраша бир фойдали меҳнати бор албатта. Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади.

Учинчидан, сиз олдин кетсангиз мен орқангиздан борсам. Кибрланиб кўкрагим кўтарилади. Кўтарилган кўкрагимни Аллоҳ босиб, дунё ва охиратим куйиб кетади. Пиёзни кўтарсам, кўкрагим пасаяди, Аллоҳ таоло кўради ва мендан рози бўлади. Яни бир нарса эсимдан чиқмасинким, кечагина Умарча эдим, бугун Умар бўлдим. Умарчаликдаги юриш туришим, Умар бўлгандан кейин ҳам ўзгармаслик керак”, деган эканлар.

Атажонов Хошимжон

Урганч шаҳар Охун бобо масжиди имом-ноиби

Top
Разработано с JooMix.