РАМАЗОН ОЙЛАР СУЛТОНИ

Print

Бандаларининг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига меҳр кўргазиб, рўза тутмоқни барча сир-асрорлари ила ўргатиб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловоту саломлар бўлсин!
Барчамизга маълумки, кўпчилигимиз ҳар йили Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб келганида ул муборак ойнинг фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун рўза ибодати ва унинг аҳкомларини тузукроқ англаб етишга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳаммага ҳам бу борада етарли маълумотлар насиб этавермайди. Ана шу маънода ушбу мақоламиз мавжуд бўшликни тўлдирса ажаб эмас, деган умиддамиз.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло шундай буюрган:
«Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз»(Бақара, 183-184-оятлар).
Аллоҳ таоло мусулмонларга ўта муҳим ибодат–рўза фарзлигини амр этишдан олдин уларга:«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.
Оят маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмас, балки барча динларда қадимдан бор эканлигини тушунамиз. Чунки унда:«Сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилганидек, рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юришни рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юришни рўза дейилади. Уларнинг рўзаси муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турличадир.
Исломда рўза ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси бўлиб, рўза тутган киши қалбида тақво руҳи уй¬ғониши керак. Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоати¬га холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.
Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганидандир.Яна бир ҳадисда: «Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур»,дейилган.Бу ҳадиси шарифда рўзанинг нақадар улкан ибодат эканлиги, унинг қадри нақадар улуғлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Шу билан бирга, рўзани иймон, ихлос билан, фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарурлиги таъкидланмоқда. Банданинг ўтгану қолган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса, банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.
Албатта, мусулмонлар бу ҳақиқатни яхши тушунган ҳолда Рамазондан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қиладилар.Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. «Рўзадор қаерда?» деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас», дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда охиратда рўза ибодатининг фазли бошқа ибодатлардан кўра қанчалик улуғ бўлиши баён қилинмоқда. Қиёмат куни ҳамма жаннатга тезроқ киришга уриниб турган бир пайтда рўзадорларга имтиёз берилиб, «Райён» номли махсус эшикдан киритилишлари ҳаммамиз бу дунёда рўзадорлардан бўлиб, ўша эшикдан ҳурмат билан жаннатга кириш бахтига эришиш учун астойдил ҳаракат қилмоғимиз кераклигини билдиради. Илоҳим, Рамазон ойини барчамизга баракотли қилсин!

 

Урганч тумани бош имом-хатиби
Муҳаммадамин Муҳаммадзариф