БЕФАРҚЛИК БАЛО КЕЛТИРАДИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ўзининг мўмин бандаларини

жамият билан ҳамоҳанг яшашларига, инсонларнинг хурсандчилигига-ю қайғуларига шерик бўлишга ва шу билан бирга турли фитналарга бефарқ бўлмасликка тарғиб қилган. Жумладан, Қуръони каримнинг “Анфол” сурасида шундай дейилади:
“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. (25-оят)
Ушбу ояти каримадаги “фитна” сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало-офат маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда, бошқалар қараб турса, ҳамма – зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар. “Зулм” деганда бир шахснинг иккинчи бир шахсга нисбатан тажовуз қилишигина тушунилмайди. балки, бу сўзнинг маъноси кенг қамровли бўлиб, ҳамма ноҳақликлар ва барча гуноҳларни ўз ичига олади.
Мазкур ояти каримадан келиб чиқиб, муфассир уламолар “Қайси бир жамиятда зулмлар содир этилса-ю, бошқалар унга бефарқ бўлсалар, зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага – оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар” деганлар.
Бугунги кунимизда “жиҳод қилиб Ислом давлати бунёд этамиз” деб инсонларнинг тинчлигига, молига, ҳатто ҳаётига ҳам тажовуз қилаётган кимсаларни бутун ислом уммати номига доғ бўлмоқда деб айтсак хато қилмаган бўламиз. Аслида, Ислом дини мухолиф тарафни йўқ қилишга қаратилган босқинчилик урушларини таъқиқлайди. Ислом фақат муқаррар бўлиб қолганда ва Ватанни ҳимоялаш учунгина бўлган урушни тан олади. Унда ҳам қатъий ўлчовларни белгилаб қўйиб, иложи борича инсонпарварлик йўли билан олиб боришни талаб қилади. Агар мусулмонлар ва уларнинг душманлари орасида уруш чиқадиган бўлса, ислом мусулмонларни инсонпарварликни унутиб қўймасликка, уларнинг диний хизматчиларини, роҳиб ва роҳибаларини безовта қилмасликка, урушда қурби етмайдиган, бемор одамларни, айниқса кексаларни, аёлларни, ёш болаларни нишонга олмаслик ва уларга зарар етказмасликка буюради. Мусулмонлар узоқ тарих давомида ушбу қоидаларга амал қилганлар. Улар бирор жойни фатҳ қилсалар тинч фуқароларни, шаҳар аҳолисини ўлдирмаганлар ва ҳеч бирининг уй-жойларини вайрон қилмаганлар.

Қуръони карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларидаги кўрсатмаларга қарамасдан “исломдамиз” деб Исломга ёт бўлган ишларни қилаётган бундай кимсаларни “исломдамикин” деган савол хаёлимизга келиши табиий.

Абу Довуд Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мендан кейин ёки келажакда менинг умматимдан бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у ҳалқумларидан нарига ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир. Улар Aллоҳнинг Китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ”, – деган муборак башоратлари ана ўша кимсалар учун эмасмикин?”,-деб уйлайсан киши. Чунки улар ҳам ўзлари ўйлаганидек “Аллоҳнинг буйруғига” чақирмоқдаю, аммо Аллоҳнинг буйруғидан нақадар йироқдадирлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад) Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «имони»га Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди. Унга «Аллоҳдан қўрққин!» дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга фақат жаҳаннам бас келур. Нақадар мудҳиш жой у!” (204-206 оятлар).
Юқоридаги маълумотлардан шуни хулоса қилишимиз мумкунки инсонлар бошига катта кулфат ва фитналарни солаётган тоифалар ўзларига исломни ва мусулмонликни нисбат бераётирлар.
Огоҳ бўлишимиз лозим бўлган нарса ҳамшуки бу бузғунчи оқимларга бизнинг ёшларимиз ҳам қўшилиб қолаётганлигидадир.
Ўз фарзанди ва ватани келажагига қолаверса эътиқоди ва иймони келажагига бефарқ бўлмаган хар бир ота она ва хар бир шахс бундай фитналардан огох бўлиши лозим ва шартдир.

Р.Эрназаров
Боғот тумани имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.