ИНТЕРНЕТГА ҚАРАМЛИК БЕЛГИЛАРИ

Ахборот хуружлари авж олган бугунги кунда ёшларимизни интернет ва бошқа

оммавий ахборот воситаларидаги аниқ манбаи кўрсатилмаган, асоссиз хабар ва маълумотларга ишониб қолишларидан қандай ҳимоя қилишимиз мумкин. Маълумки, бугунги кунда ислом мусаффолигини асраш, дин ниқоби остидаги кучларнинг ҳақиқий башарасини очиб ташлаб, кенг оммани, айниқса, диний тушунчаси шаклланиб улгурмаган ғўр ёшларни уларнинг таъсиридан муҳофаза этиш тобора долзарб вазифага айланиб бормоқда.
Кўплаб мамлакатларни ўз домига тортган нотинч сиёсий жараёнларнинг келиб чиқишида оммавий ахборот воситалари ёки интернетда тарқатилаётган хабарларнинг ўрни катта. Ҳозирда турли фитналарга сабаб бўлувчи шов-шувли ёки ёлғон-яшиқ маълумотларни кенг оммага эълон қилиш билан шуғулланувчи ижтимоий тармоқлар зўр бериб ёшлар онгини заҳарлашга уринмоқдалар. Ёшлар ўртасида энг оммабоп сайт – “odnoklassniki.ru”каби ижтимоий тармоқлар лоқайдлик, ҳаёсизлик, тубанлик тарғиботига “хизмат” қилаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда.
Афсуски, ёшларимиз орасида компютер ва мобил телефонларнинг хусусиятларини яхши ўрганиб олиб, бошқаларга жосуслик қиладиганлари ҳам бор. Яъни телефонда улар билан гаплашиш орқали ёки интернет орқали уларнинг компьютерини бошқаришади. Мана шундай йўллар билан ўзгаларнинг шахсий нарсаларини билиб олишни мўлжаллайдилар. Бунинг натижасида бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб, ўзларини яхши инсон деб ўйлашади. Бошқаларга азият бериб, ўзларини мўъжизалар ихтирочиси деб ҳисоблашади. Ўзгаларнинг ғоялари билан машҳур бўлишга интиладилар.
Шунингдек, ёшларимиз орасида электрон ўйинларга шўнғиб кетадиганлари ҳам бор. Куну тунларини компьютер ва телефондаги ўйинлар билан ўтказадилар. Ўйиндаги автомобилни жуда катта тезликда бошқариш, отишмалар, курашлар, урушлар ва қўрқинчли-даҳшатли ҳаракатлар ёшларимизга салбий таъсир қилади. Бундай ўйинлар уларнинг ғазаб, нафрат ва адоватини қўзғатиб асабий қилиб қўяди. Бу ҳам етмагандай кун бўйи ўйин ўйнаб, чарчаб, китоб ўқишга ҳеч қандай имконият қолмайди.
Бугунги кунда ёшлар интернетга уланиб, вақтини беҳуда сарфлаш, ҳеч бир фойдасиз суҳбатлар қуриш, “йигит ва қиз танишуви” билан овора бўлиб умрини, қимматли вақтини ҳавога совуришмоқда. Вақтни исроф қилиш эса гуноҳдир. Аъроф сурасининг 31-оятида: “Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди”, деб огоҳлантирган.
Тўғри, эндиликда ҳаётимизни компьютер техникаларисиз, уяли телефон алоқаларисиз ва албатта, интернетсиз тасаввур этиш қийин. Аслида, тўғри фойдаланилса компьютер ҳам, интернет ҳам ваҳимали, хавфли нарса эмас. Фақат улардан тўғри, боланинг ҳар томонлама камол топиши йўлида ва яхши мақсадларда фойдаланилиши керак.
Дархақиқат интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Шунга қарамай, ён-атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда содир бўлаётган нохуш воқеалар, бизни чуқур мулоҳаза юритишга ундайди.
Ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган ғаразли кучлар ҳам бор эканлиги, бизни огоҳликка чақиради.
Қайси бир ота-она фарзанди яхши инсон бўлиб улғайишини, ҳаётда ўз ўрнини топиб, уларга раҳмат олиб беришини истамайди, дейсиз. Дунёда фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини ўйламайдиган, орзу қилмайдиган ота-она бўлмаса керак. Кўпинча биз ана шу орзу-истакларимизни амалга оширамиз деб хатога йўл қўямиз. Фарзандларимизни тўғри тарбиялаш ўрнига уни худбин, лоқайд, ишёқмас қилиб қўямиз. Унга ҳеч кимдан кам бўлмасин деб қимматбаҳо уяли телефонлар олиб берамиз. Бўш вақтини нималарга сарфлаётгани билан эса қизиқмаймиз. Эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблар олиб беришни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Китоб мутола қилишда ўзимиз ибрат бўлмаймиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, интернет, интернет кафе, шу каби ва бундан бошқа ахборот воситалари ўткир қуролдир. Агар уни қандай қилиб фойдали ишларга ишлатишни билиб олсак жуда манфаатлидир. Аллоҳ таоло барчамизни, хусусан ёшларимизни янги чиқиб келаётган фитна-фасод ва бузғунчиликлардан ўз паноҳида асрасин!

РАХИМОВ АМИНБОЙ
Ҳазорасп туман Сулаймон Бокиргоний
масжиди имом-хатиби

Top
Разработано с JooMix.