КАМБАҒАЛЛИКГА САБАБ БЎЛУВЧИ ОМИЛЛАР

Камбағалликнинг келиб чиқиши мўмин банданинг ўзи қилган гуноҳлари орқали содир бўлишлиги ҳаммамизга маълум.

Бу тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо с.а.в ҳам кўп маротаба ўз ҳадисларида биз мусулмонларни огоҳлантирганлар. Шулардан биринчиси;
АЛЛОҲГА МАЪСИЯТ ҚИЛИШ
Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади. Қадарни фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақат яхшиликлар узайтиради” (Имом Аҳмад, имом Табароний “Кабийр”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Бу ўринда мазкур ривоят гуноҳлар банда ризқининг камайиши, унинг бебарака бўлишига сабаб эканига далил қилиб келтирилмоқда. Эслатиб ўтамизки, бу ҳадисдаги “банда”дан мурод “мўмин банда”дир. Зеро, кофир ва мушрикларнинг гуноҳ қилишлари уларнинг ризқи кўп ёки кам бўлишига таъсир қилмайди. Уларга бу дунёда жамики имкониятлар берилади. Мўмин эса қилган гуноҳига каффорат бўлиши учун бирон мусибатга учрайди. Бунга яна битта сабаб эса зинодир.
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Зино камбағалликка сабаб бўлади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).
Зино энг ёмон фаҳш ишдир. Табиийки, унинг зарари ҳам катта. Аввало, зино киши соғлиги, жисмоний ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Демак, зино ва унга олиб борувчи ишлар ризқ-насибанинг камайиши, бунинг акси ўлароқ зинодан тийилиш ва номаҳрамларга қарашдан сақланиш унинг баракали бўлишига сабаб бўлади. Шунинг билан тарозидан уриш, ёлғон сўзлаш, кибр, ғурурга кетиш ва куфрона неъмат, бахил бўлиш, закотни адо қилмаслик мана шулар камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига киради.
“Камбағаллик фитнаси” ўта қашшоқ бир ҳолатга тушиб, одамлар наздида хору зор бўлиш, ҳаммадан бирон нарса таъма қилиб, ўз ҳурматини оёқ ости қилиш ва қўли калталик сабабли турли хил ноқулай вазиятларга тушиб қолишдир.
“Масиҳ дажжол фитнаси” қиёмат қоим бўлишидан олдин, дажжол ер юзига чиққанида, бандаларни алдаб, эътиқодлари, имонларидан қайтариши, уларни жаҳаннам сари чорлаши ва бошқа алдовларидир.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий суратда жаҳаннам азоби, қабр азоби, бойлик ва камбағаллик фитнаси, шунингдек, масиҳ дажжол фитнаси ва алдовларидан паноҳ сўраб дуо қилар эканлар.
“Эй Аллоҳим, Сендан (берган) неъматинг завол топиши, офиятинг (нотинчликка) алмашиниши, тўсатдан келувчи азобинг ва барча ғазабингдан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Муслим, Абу Довуд ва имом Табароний “Авсат”да Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ёмонликлардан қандай паноҳ сўраш кераклигини ўргатмоқдалар.
“Неъматинг завол топишидан…” Яъни, Ислом ва имон неъмати, менга берган бошқа кўплаб неъматларинг барҳам топиши ва улардан айрилишдан паноҳ сўрайман!
“Офиятинг алмашинишидан…” Яъни, соғлигим касаллик, тинчлигим нотинчлик, бойлигим камбағалликка алмашинишидан паноҳ сўрайман!
“Тўсатдан келувчи азобингдан…” Яъни, мен ожиз банданг гуноҳлар гирдобига тушиб қолиб, Сен томондан бирдан келувчи ғазабинг ва интиқомингга гирифтор бўлишдан паноҳ сўрайман!
“Ва барча азобингдан…” Яъни, Сенинг ғазабингни қўзғайдиган ишларни содир этиб, азобингга йўлиқишдан паноҳ сўрайман!
“Эй Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир! Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда банданинг танаси ва қалбига тегишли икки хил иллатдан паноҳ сўраш таълим берилмоқда.
“Эй Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир!”
Эй Аллоҳим, ибодатлар ва Ўзингга итоат этишимга тўсқинлик қиладиган, касаллик ёки ўлимга сабаб бўлувчи очликдан сақлагин. Зеро, у энг ёмон ҳамроҳдир!
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бирон нарсани ният қилмаган ҳолда оч юриш банданинг савоб қозонишига кифоя қилмайди. Балки бундай очлик унинг танасини заифлаштиради, мия фаолиятининг ёмонлашуви, унда қабиҳ фикр ва хаёлларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади.
“Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир”.
Хиёнат омонатнинг аксидир. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломатларидан биридир. Демак, хиёнат, алдов, ёлғон инсон қалбига яширинган энг ёмон иллат бўлиб, бу нарса уни жаҳаннам сари судрайди. Ҳар бир банда қалбини ақл ойнасида текшириб, хиёнатдан заррача асорат кўрса, уни бартараф қилиш, қалбида яширинган хиёнат иллатини хулқни зийнатловчи омонат сифатига алмаштиришга ҳаракат қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда туғён ва кибрга олиб бормайдиган бойлик, фаровон ҳаёт сўраши билан бирга, ибодатига халақит берадиган, имоний ва сиҳҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган, ўзини эса хорлик ва таъмагирликка олиб борадиган камбағалликдан, ўта қашшоқликдан ҳам паноҳ сўраши керак.

Х.Отажонов
Урганч шахар “Охун бобо” масжиди имом-ноиби

Top
Разработано с JooMix.