Сўнгги янгиликлар

Мақолалар

ИСЛОМ ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ

«Албатта, Аллоҳ наздидаги (мақбул) дин Ислом динидир» (Оли Имрон, 19). Қадимдан ота-боболаримиз Ислом дини аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз бу диндан оғишмаймиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим нопок кимсалар миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримизча, бунинг сабаби динимиз асосларини, унинг инсоният саодатини таъминловчи йўриқларини билмаслик оқибатидир. Зеро, айнан Ислом динимиз моҳиятини билмаганлар миссионерларнинг сафсаталарига кўр кўрона эргашадилар.

Қонунчилигимизда барча динларга эътиқод қилувчилар тенгҳуқуқлидирлар. Миссионерлик ва прозелитизм расман тақиқланган. Шунга қарамай, миссионерлар ҳар хил олижаноб номлар остида чет элга текин саёҳатлар уюштириш, турли “хайрия ёрдамлари” кўрсатиш каби қинғир йўллар билан кириб келмоқдалар. Уларнинг мақсади бузуқ ақидаларини ёйиш ҳам эмас, миллатимизни пароканда қилишдир. Миссионерларнинг қилмишларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Ўзининг юртида черковлар масжидга айлантирилаётган, Исломни қабул қилаётганларнинг сафи кундан-кунга кўпаяётган бир паллада бу разил кимсалар Аллоҳ комил қилиб берган охирги дин Ислом номига туҳматлар қилишяпти. Тажрибасиз, оми ёшларни пул билан алдаб, имондан жудо қилишмоқда. Имом Аҳмад ва Байҳақий Жобирдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: «Умар (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: «Бизлар яҳудийлардан ажойиб гапларни эшитамиз, ўша гапларнинг баъзиларини ёзиб олсак, нима дейсиз?» деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Яҳудий ва насронийлар роҳибларнинг сўзларидан ажабланиб китобларини тарк

қилганларидек, сизлар ҳам уларнинг гапларига учиб китобларингизни тарк қилмоқчимисиз? Мен сизларга уни гард юқмаган, мусаффо ҳолатда келтирганман», дедилар».

“Ўзини ҳимоя қилолмаган халқ ҳалокатга маҳкумдир”, дейди донишмандлар. Қадим минг йиллик қадриятларимизнинг сақланиб қолишида ва такомил топишида мусулмончиликнинг аҳамияти беқиёс. Бизнинг исломиятимиз, асрлар мобайнида халқимизнинг шуурига кириб, унинг жон томири сингари жой олган, Аллоҳ комил қилиб берган динимиз бор. Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун бу каби разил тўдаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Асрлар мобайнида авлодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз ниятли кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир.

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп туман “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Top
Разработано с JooMix.