Сўнгги янгиликлар

Мақолалар

КИТОБ ЭНГ ЯХШИ ЙЎЛДОШ, ЭНГ АЗИЗ ДЎСТДИР

Бугунги кунда баъзан болаларимиз тобора китоб ўқимай қўйишяпти, эътибор беряпсизми? Ҳа, биламиз, ҳозир техника асри, тезлик асри, ахборотлар асри, аммо китобнинг инсоният тарихида ўрни беқиёс эканлигини, унинг ўрнини ҳализамон бирон нарса боса олмаслигини интернетни ўйлаб топган давлатларда ҳам эътироф этишмоқда. Машҳур психолог Жон Сауз ўзининг “Минг йилни жамлаган баҳор” асарида қуйидаги жумлаларни ҳаммага тушунтиради: “Шу пайтгача одамлар интернет ҳар қанақа ахборот тизимини ортда қолдирди, деб таъкидлашмоқда. Аслида ундоқ эмас. Чунки интернет табиий жиҳати билан китоб ва газетанинг ўрнини боса олмайди. Бунга энг ёрқин мисол шуки, газеталарнинг минглаб сайтлари бор, шу сайтлар орқали одамлар ўша газетани қоғозсиз кўринишда ўқиш имкониятлари бор. Аммо мен ҳали “бирон бир газетани сайт очгани учун одамлар олмай қўйибди, шунинг учун ҳам бу нашр ходимлари ўз соҳаларини ўзгартириб, газетадан сайт тайёрлашга ўтиб кетишибди”, деган хабарни эшитмадим. Аксинча, аввалига сайт ташкил қилиб, сўнгра уни газета кўринишига келтирган ва шунинг оқибатида бойиб кетган шахсларни биламиз. Хуллас, инсониятнинг бундан кейинги кашфиётлари китоб ва газетанинг ўрнини одамлар ўртасидан кўтара олмаслиги кундек равшандир!”

Менга бу гаплар жуда ёқди. Ўз вақтида айтилган асосли, тажрибадан ўтган фикрлар. Шу боис ҳам мен болаларимизга биринчи навбатда китобга меҳр қўйишни ўргатиш керак, деб ҳисоблайман. Фарзандларимиз компьютернинг клавишларини кўзларини юмиб босадиган даражага етганларида ҳам, Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини ўқимаган бўлсалар, уларнинг салоҳияти бутун бўлишига шахсан мен ишонмайман. Чунки китоб инсоният кашфиёти эмас, балки илоҳий бир неъматдир. Интернет ва компьютер, хориждаги янги ўқув тизимлари одамлар томонидан кашф этилаётган янги бир босқичлар холос. Асрларни елкасида кўтариб келаётган, залворли ўтмишнинг нурли саҳифаларини ўз зиммасига олган китобдан болаларимизни мосуво қилиб қўймайлик. Бир соат компьютерга вақти кетса, икки соатини китобга бағишла, деб буюринг.

Интернет тизимига боғланиб қолган, турли компьютер ўйинларини соатлаб, балки кунлаб ўйнайдиганлар ичидан инсоният тарихида учрамаган қотиллар чиқмоқда. Аммо китоб ўқиган инсон – ҳатто ўқиган китоби разолат ботқоғидан суғорилган бўлса ҳамки – бу қадар қабиҳликларни қила олмайди, деб ўйлаймиз. Китобнинг меҳри бошқача бўлади.

Биз шу боис ҳам, болаларимизни китобга бўлган меҳрини оширишимиз лозимлиги ҳақида бонг урмоқдамиз. Тижорат дўконларини айланганимизда, болаларимизнинг кийимига 50 минг сўм сарфлаётганимизда, ҳеч бўлмаса, 5 минг сўмлик китоб олишни ҳам таомилга қўяйлик. Чунки бу иш учун биз масъулмиз. Боламизнинг салоҳияти шунга боғлиқ. Ёшликнинг гўзал даврларини ямоқ кийимда ўтказса ҳам, бу кемтиклик унинг тарбиясига зарар бермагай. Бироқ, китобсиз ўтган дамларининг кемтигини тўлдириш жуда ҳам мушкул иш бўлади.

Болаларимизни китоб аталмиш тенгсиз дунёга ошино бўлишини истаётган ота-она унутмасинки, авваламбор инсоннинг ўзи ҳам китобга муҳаббатли бўлмоғи даркор. Ўтмишда шундай кишилар борки, уларнинг китобга бўлган муҳаббатларига фақат ҳавас қиламиз. Кўплаб асарлар муаллифи, ҳадис илмида катта меҳнат қилган имом Зуҳрий кўп китоб ўқиганларидан, у зотнинг аёли шундай деган экан: “Китоблар мен учун учта кундошдан ҳам бадтардир”. Китобга муҳаббат мана шундоқ бўлади!

Китобга муҳаббат уйғотишнинг йўлларига келсак, аввало, ота-она ҳам китобни яхши кўриши лозим;

Иккинчиси, китобни танлай билиш даркор! Яхши китоб жон озуғи, дейишади. Болаларингизга энг замонавий йўллар воситаси билан ҳам китоб ўқитишни ўргатинг. Токи, болангиз қолоқлик ва мутаассибчилик иллатларидан бутунлай холи ҳолда ўссин;

Учинчиси, турли фан дарсликларига қизиқиш уйғотинг ва айнан шу мавзуга мос келадиган, жон қулоғи билан тинглайдиган мисоллардан келтиринг. Керак бўлса, шунга мос тушадиган эртаклар айтиб беринг;

Тўртинчидан, мактаб дарсларини ўқитаётганингизда, ўзингизнинг ҳаётингиздан мисоллар келтириб, болангизни ҳикоялар уммонига ғарқ қилиб ташланг. Фарзанд нима ўқиётганини, нима ўрганаётганини ва кимнинг йўлида эканлигини ҳар лаҳза хаёлида сақлаб турсин. Озгина ўқишга бепарволиги сезилса, мактаб даврингиздаги ўқимаган болаларнинг аянчли ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қилинг. Болангиз китоб ўқимаса, нима қилаётганлигини, қандай йўлга кириб кетаётганлигини ва кимнинг ортидан эргашаётганлигини ҳамиша ёдида тутсин. Сиз уни қўрқитманг, фақат тарихни ҳамиша ўрнак қилиб кўрсатинг.

Мана шу кўрсатмалар бугунги кун ота-онасига етарли. Шунинг ўзини фаҳмлаб олиш ҳам катта иш бугун.

Тўғрисини айтсам, замон ўзгаряпти, деймиз-у, аслида у жойида турибди, одамлар ўзгаришяпти! Умуминсоний қадриятлар, тажрибадан ўтган йўллар барибир жойида. Бир гап ёдимдан кўтарилмайди: “Дунёдаги энг содда халқ ҳам буюк мутафаккирдан буюкдир. Чунки ўша мутафаккирнинг машҳур жумласи нари борса, икки аср бардош берар, аммо содда халқнинг минглаб мақоллари ўн-йигирма асрларни ҳам кўрдим, демайди”.

Худоёров Иномжон

Имом Фахриддин ар Розий ЎМИБЮ мударриси

Top
Разработано с JooMix.