Сўнгги янгиликлар

Мақолалар

ТИНЧЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ

Мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз, бунинг учун чин дилдан Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-санолар ва чексиз шукроналар айтамиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Иккита неьмат борки инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар. Бу-тинчлик ва саломатликдир”, -деб марҳамат қилганлар.

Тинчликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Масалан: Кимдир бутун олам тинчлигини тушунса, кимдир юртининг тинчлигини тушунади, яна кимдир шаҳри, қишлоғи, маҳалласи ёки оиласи тинчлигини тушунади. Яна кимлардир эса фақат ўзининг тинчлигини тушунади.

Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан, аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таьлим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неьмат- тинчлик боисидандир.

Тинчликнинг қадрига етиш деганда- оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, муомаламизни ривожлантирайлик, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва ҳакозо эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маьно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.

Афсуслар бўлсин, айрим нокас кимсалар борки, катта-катта фитналарни қўзғаб вайронагарчилик, зулм ва зўравонлик билан тинч аҳолини қўрқувга солиб, минглаб оилаларни пароканда қилиб, қанчадан қанча шаҳар ва қишлоқларни барбод қилишади, минглаб бегуноҳ инсонларни ноҳақ ўлимига сабабчи бўлишади ва қанчадан қанча ёш болаларни етим қолишига ёки ўлиб

кетишига сабабчи бўлишади. Улар ўзларига динни ниқоб қилиб, дин номидан қинғир ишларини қилаётган қонхўр ваҳшийлардир. Уларниниг бу қилмишлари, албатта, жазосиз қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қурьони каримда шундай марҳамат қилади: “Ким заррача яхшилик қилган бўлса, уни ҳам кўради. Ким заррача ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўради.” (Залзала сураси 7,8-оятлар).

Аниқки, улар бу дунёда ҳам охиратда ҳам хору-зор бўлишади. Аллоҳ таоло эзгуликни ғолиб қилиб, залолатни мағлуб қилгусидир. Солиҳ амал қилувчиларни эса амалини зое қилмайди.

Юртимизни тинч, ҳаётимизни осуда, халқимиз ҳаёти фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб қоламиз.

А.Бобожонов

Гурлан тумани “Усмон саид бобо”масжиди имом хатиби

Top
Разработано с JooMix.