Сўнгги янгиликлар

Мақолалар

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

Охирги бир неча асрлар давомида дунё миқёсида дин омилидан фойдаланиш авж олиб кетди. Бу асосан, айрим сиёсий марказларнинг дунёда ўз таъсир доирасини кенгайтириш, табиий бойликларга бой бўлган минтақа ёки мамлакатларни ўз измига солиш, бу йўлда қаршилик кўрсатган ёки рақобатчилик қилган бошқа кучларни заифлаштириш ва парчалаб юбориш йўлида диний экстремистик кучлардан фойдаланишда яққол кўзга ташланади. Таассуфки, бундай ишлар кўпинча ислом дини доирасида амалга оширилган.

Баъзи бир муайян кучлар жаҳонда ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳар қандай йўлдан, жумладан дин ниқобидаги бузғунчи кучлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Қайси мамлакат ёки минтақа уларнинг “раъйини” қўллаб қувватламаса, уларга қарши кескин чора кўриш, ҳаттоки дин ниқобидаги бузғунчи кучларни “сафарбар қилиш” ҳолатлари кузатилмоқда.

Аслида Ислом дини эзгулик, тинчлик ва яхшилик устига қурилган. Бутун мусулмон дунёсининг эътиборли уламолари буни бир овоздан эътироф этадилар. Ислом динининг бош ғояси ва мақсади инсониятни яккахудоликка чорлаш орқали эзгуликка, яхшиликка чақиришдан иборатдир. Агар Қуръони каримга мурожат қилсак, бунинг яққол гувоҳи бўламиз. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: -“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват ( йўли) да ҳамкорлик қилмангиз” ( Моида сураси , 2 – оят ).

Бу маънони ҳадиси қудсийда ҳам топамиз. Аллоҳ таоло айтади : “Эй одам фарзанди, мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўрталарингизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, энди бир-бирларингизга зулм қилманглар ”.

Одатда, ҳар бир динда ундан шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий мақсадларда фойдаланишга урунувчи кимсалар, кучлар доимо мавжуд бўлган. Натижада дин, шу жумладан ислом дини ниқобидаги ақидапарастлик, экстремистик ва террористик оқим ва гуруҳлар вужудга келган. Агар бирор кимса ёки ташкилот дин номидан гапириб, ёмонлик, ёвузлик ва зулмни, зарарли ва қабих ишни амалга оширишни кўзласа, демакки у дин таълимотини нотўғри талқин қилмоқда. Бу билан унинг ўзи ҳам, унга эргашганлар ҳам гуноҳга ботган бўладилар.

Дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва гуруҳларнинг жамият бақарорлигига таҳдиди жуда катта. Улар аввало тинчлик –осойишталикка, миллатлараро ва динлараро тотувликка раҳна солади. Ўзлари билган ёки билмаган ҳолда муайян сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб қўяди ва мусулмон мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқаради, изчил тараққиётга путур етказади. Охир оқибатда, ўзи туғилиб, вояга етган, ота-онаси, қариндошлари истиқомат қилаётган она ватанининг бошқа кучлар таъсирига ва измига тушиб қолишига сабабчи бўлади. Бундан, аввало, ёшлар огоҳ бўлишлари лозим. Шундай экан ёш авлодда мафкуравий иммунитетни юксалтиришимиз, уларда ватанпарварлик, эзгулик ва яхшиликка интилиш, ёмонлик ва зўравонликдан узоқ бўлиш туйғуларини шакллантиришимиз зарур.

З.Рахматуллаев

Боғот тумани Бежганик бобо масжиди имом хатиби

Top
Разработано с JooMix.