Сўнгги янгиликлар

Мақолалар

ЗУЛМАТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ ЁХУД ГИЁҲВАНДЛИК

Муқаддас динимиз инсонни дини, жони,ахли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Инсонни соғлиги, оиласи, иқтисоди, одоб-аҳлоқи, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига таҳдид солиб турган иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Динимизнинг асосий таьлимоти бўлмиш Қуръони каримда Аллох таоло Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза-пок нарсаларнинг ҳалол эканлигини ва нопок нарсаларнинг харомлигини уларга билдириш вазифаси деб кўрсатган. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157- оятида:

“У (пайғамбар ) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга харом қилади…”дея мархамат қилади.

Маълумки, Ислом таълимоти инсон ҳаётига фойда келтирмайдиган, унинг ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади.

Гиёҳвандлик дунё афкор оммасини ташвишга солиб келаётган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Мазкур иллатга қарши нафақат маълум бир минтақа ёки ҳудуд, балки дунё бўйича кенг қамровли кураш олиб борилаётир. Таъкидлаш керакки, наркотик моддалар нафақат инсоннинг соғлиғига, балки руҳиятига ва ўзлигига путур етказиб, охир-оқибат уни ажал комига улоқтириб юборади. Чунончи, гиёҳвандлик ўта оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг авж олишига сабаб бўлади.

Молиявий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, наркотик моддалар Оила ва жамият иқтисодига катта зарар келтиради чунки биров уни текинга бермайди. «Текинга мушук ҳам офтобга чиқмайди» дейдилар. Гиёҳванд моддалар жуда қиммат туради, катта маблағлар эвазига сотиб олиниб, истеъмол қилинади.

Демак, ўз-ўзидан молни исроф қилишга олиб келади. Шариатимиз исрофни ҳаром қилган, биз исрофдан қочишга буюрилганмиз. Ҳатто манфаатли иш учун ҳам исрофга рухсат йўқ. Гиёҳвандликка мубтало одам эса ўзининг, яқинларининг ҳаётини заҳарлаш учун, динига зарар етказиш, жонига зарар етказиш, ақлига, наслига зарар етказиш учун мол сарфламоқда.

Улар келтирган офатлар оилаларни бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларни келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшларни умрини хазон бўлишига сабаб бўлади. Энг ачинарлиси, баъзи нафсини жиловлай олмаган кимсалар эътиқоди заиф, иродаси буш, гиёҳвандликка мойили бор ёшларни турли қинғир йўллар билан тузоғига илинтириб фойдаланишади. Шу боис, бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда ахоли орасида, оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу кўрилаётган чора-тадбирлар ёшларни умрига зомин бўлиши мумкин бўлган хавфдан ва турли иллатлардан ҳимояланишида қул келиши назарда тутилган.

Чунки ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш нафақат оилани балки мамлакат, қолаверса жамиятнинг ҳам олдида турган асосий ва муқаддас вазифасидир. Гиёҳвандликнинг қора ва жирканч асоратларини ўсиб келаётган навқирон авлод онгига етказиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишга бош-қош йўлида барчамиз бирдек масъулмиз. Зеро, огоҳлик ва ҳушёрлик муаммонинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Гиёҳвандликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.

А.Бобоев

Шовот тумани “Ваянган бобо” жоме масжиди имом хатиби

Top
Разработано с JooMix.